САМАРҚАНДДА САЙЁР ҚАБУЛ: ХОДИМЛАР МУРОЖААТЛАРИГА ЭЪТИБОР ВА АМАЛИЙ ЁРДАМ






29 сентябрь куни Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Самарқанд вилояти бирлашган қўмитаси тасарруфидаги ташкилот ва муассасалар ходимлари иштирокида Нарпай тумани Маданият марказида «Сайёр қабул» тадбири ўтказилди.
Тадбирда Республика Кенгашининг бош юрисконсульти А. Гайназаров, ижтимоий-иқтисодий ҳимоя масалалари бўйича бош мутахассиси У. Халиков ҳамда Самарқанд вилояти бирлашган қўмитаси раиси Т. Алқаров иштирок этдилар.
Сайёр қабул давомида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий-иқтисодий манфаатлари, меҳнат муносабатлари ҳамда уларни қийнаётган турли масалалар юзасидан мурожаатлари бевосита тингланди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида мутахассислар томонидан амалдаги қонунчилик асосида ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича амалий тавсиялар тақдим этилди.
Шунингдек, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган жамоа шартномаларини тузиш, уларда меҳнат жамоаси аъзолари учун қўшимча ижтимоий кафолатларни белгилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
УСТОЗ ВА МУРАББИЙЛАР ЭЪЗОЗЛАНДИ
Тадбир давомида 1 октябрь — Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан ўз меҳнат фаолияти, касбий маҳорати ва жамоа ҳаётидаги фаоллиги билан алоҳида ажралиб турган бир қатор ходимлар ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида устоз ва мураббийларнинг ёш авлод тарбияси, маънавий-маърифий ишлар ва соҳа ривожига қўшаётган муносиб ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.
ТАДБИРГА КЎТАРИНКИ КАЙФИЯТ БАҒИШЛАГАН КОНЦЕРТ ДАСТУРИ
Тадбир якунида Маданият маркази тарбияланувчилари иштирокида махсус концерт дастури намойиш этилди. Ёш истеъдод соҳибларининг мусиқий ва саҳнавий чиқишлари иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Касаба уюшмаси — ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимоячиси!

