Янги тармоқ касаба уюшмаси ва ижтимоий шериклар ўртасида тармоқ келишувлари имзоланди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда мазкур соҳага алоқадор вазирликлар, жамоат ташкилотлари ҳамда ижодий уюшмалар ўртасида Тармоқ келишувларини имзолашга бағишланган тадбир ўткзилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, “Ўзбеккино” Давлат унитар корхонаси, Бадиий академия раҳбарлари ва мутасаддилари, тармоқ касаба уюшмаси фаоллари, маданият, спорт ва санъат соҳаси намоёндалари ва фахрийлари иштирок этдилар.
Маълумки, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатимизда барча соҳаларда бўлганидек, маданият, туризм ва спорт соҳаларида ҳам изчил ислоҳатлар олиб борилмоқда. Мазкур жараёнларда касаба уюшмалари фаоллигини ошириш, маданият, спорт ва туризм соҳасида меҳнат қилаётган ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида ўтган 2020 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ташкил этилган эди. Қисқа вақт ичида мазкур тармоқ касаба уюшмаси ўз сафларида 1173 та бошланғич ташкилотни ҳамда тармоқ ташкилот ва муассасаларида меҳнат қилаётган 91 минг 329 нафар маданият, спорт ва туризм соҳалари ходимларини бирлаштиришга муваффақ бўлди.
Бугунги кунга келиб тармоқ касаба уюшмаси соҳага алоқадор давлат бошқаруви органлари, вазирликлар, жамоат ташкилотлари ва ижодий уюшмалар билан яқин ижтимоий шериклик алоқаларини йўлга қўйди. Ҳамкорлик алоқаларининг натижаси ўлароқ, бугунги тадбирда тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда ижтимоий шериклар ўртасида тармоқни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, меҳнат шартлари ва унга ҳақ тўлаш, тармоқ ходимларининг ижтимоий кафолатларини белгилаб берувчи Тармоқ келишувлари имзоланишига эришилди. Хусусан, Ўзбекистон Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, “Ўзбеккино” Давлат унитар корхонаси, Бадиий академия ўртасида Тармоқ келишувлари имзоланди.
Таъкидлаш жоизки, қабул қилинган мазкур Тармоқ келишувларига маданият, кино ва тасвирий санъат тизимида фаолият олиб бораётган ходимларни рағбатлантириб бориш, соҳага малакали мутахассисларни жалб этиш мақсадида меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини қайта кўриб чиқиш, ходимларга уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашиш, соҳа вакилларининг халқаро лойиҳалардаги иштирокини таъминлаш орқали тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйиш каби долзарб масалалар киритилган.
Шунингдек, Тармоқ келишувларига кино саноати, номоддий маданий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган халқ ижодиёти, тасвирий санъат йўналишларидаги энг ёрқин асарларни халқаро ареналарга олиб чиқиш тизимини жорий этиш, ҳар йили туризм соҳасида илғор натижаларга эришган ходимларга ҳордик чиқаришлари, соғлиқларини тиклашлари учун касаба уюшмалари сиҳатгоҳларига имтиёзли йўлланмалар ажратиш, маданият ва санъат соҳаси ходимлари учун соғломлаштириш марказини ташкил этиш, маданият ва санъат йўналишидаги олийгоҳлар талабаларининг хорижий давлатлардаги нуфузли олий ўқув юртларида ўқув амалиётини ўтишларига эришиш каби масалалар киритилган.
Бундан ташқари, ёш умидли иқтидорларни оталиққа олиш, уларнинг дунё саҳнасига чиқишига биргаликда кўмак бериш, ўқув йили давомида мувоффақиятларга эришган энг иқтидорли ва ижтимоий-иқтисодий кўмакка муҳтож талабалар учун “Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси стипендияси”ни жорий этиш йўналишларидаги ишларни амалга оширишга ҳам келишиб олинди.
Тармоқ касаба уюшмаси ва тегишли вазирлик ҳамда ташкилотлар ўртасида имзоланган Тармоқ келишувларининг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, уларда кўп йиллар мобайнида меҳнат қилиб, халқ эътиборини қозонган, юртимиз маданияти ва санъати ривожига улкан ҳисса қўшган устоз ва фахрийларга эътиборни кучайтириш, уларга ғамхўрлик ва эъзоз кўрсатиш масалалари ҳам ўз аксини топган. Хусусан, тармоқ келишувларига мувофиқ волонтёрларни жалб этган ҳолда якка-ёлғизлардан хабар олиш, туғилган кун ва касб байрамларида фахрийларни муносиб тақдирлаш, улар ҳаётидаги ижтимоий-маиший муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш, тарихий шаҳарларга саёҳатлар уюштириш мақсадида “Фаҳрийлар поездлари”ни ташкил этиш, улар саломатликларини мустаҳкамлаш мақсадида шифохона ва сиҳатгоҳларда даволаниш ҳамда дори-дармон ҳаражатлари учун моддий ёрдам кўрсатиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати